www.uzspb.uz  
 
Russian

Ўзбекистонда янги IBA!

2016 йилнинг 9 июнида BirdLife International секретариати "Машанкўл ва Хўжакул кўллар тизими"нинг Муҳим орнитологик кўллар рўйҳати - IBA га киритилганлигини эълон қилди. Бу ҳодиса Жамиятнинг Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида жойлашган Машанкўл ва Хўжакўлда олиб борган катта изланишлари натижасида амалга ошди.

Жанубий Орол бўйи кўллар тизими қадимдан сув-ботқоқ қушларининг ажойиб тўпланиш маскани ҳисобланган. Худудда 20 асрда юз берган экологик ҳалокат натижасида ҳам учиб ўтувчи ва уяловчи қушлар учун аҳамиятини йўқотгани йўқ. Орол денгизи саёзлашиши натижасида Жанубий Оролбўйида кўплаб нам ва сув-ботқоқ худудлари шаклланди ва ҳозирда бу ерлар Марказий Осиё региони биологик хилма-хиллигини сақлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Машанкўл ва Хўжакўлда тадқиқотлар Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш Жамиятининг Қорақалпоғистон филиали томонидан Оролни қутқариш Халқаро фонди моддий рағбатлантириши натижасида 2012 йилнинг кузида бошланди.

"Жанубий Оролбўйи нотурғун сув ҳавзалари фаунасини тадқиқ қилиш" ҳамкорлик лойиҳаси доирасида Оролбўйи худудидаги 11 та сув ҳавзаси - Довуткўль, Амударё оралиғи, Қўтонкўл, Шилимкўл, Хўжакул, Машанкўл, Сарбас ва Мўйноқ кўрфазлари, Қоражар, Макпалкўл ва Думолоқ кўллар тизимида олиб борилди.

Гидрофиль қушларнинг кўпчилиги (кузги учиб ўтишда учраган 94 турдан 58 таси) Машанкўл ва Макпалкўлда кузги учиб ўтиш даврида учраганлиги, ноёб, ҳавф остидаги ва сув-ботқоқ қушларининг оммавий тўпланиши ушбу сув ҳавзаларининг муҳимлигини кўрсатди.

Машанкўл ва Хўжакўл кўлларининг сув-ботқоқ худудлари кўплаб кўрфаз ва қўлтиқлардан иборат бўлиб, қамишзорлар билан қопланган, баъзи ерларида очиқ майдонлари бўлиб қушлар учун нафақат учиб ўтиш даврида, балки уларни уялаш вақтида ҳам аҳамиятга эгадир. Шуни назарга олиб кузатишларни 2013 йилда ҳам олиб боришга келишилди. Машанкўл ва Хўжакўллар орнитофаунасини баҳорги учиб ўтиш ва уялашини комплекс ўрганиш 2013 йилнинг 24-31 март ва 13-23 май кунларида ўтказилди. Экспедицияда Жамиятнинг Қорақалпоғистон филиали Раиси, Қорақалпоқ Давлат университетининг экология ва физиология кафедраси мудири Я.И. Аметов, ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими биоэкология институти илмий ходими Г.А. Матекова, ҳамда Қорақалпоқ Давлат университетининг табий ва география фанлари факультети талабалари қатнашдилар. 2013 йилнинг март ва май ойларида экспедиция мобайнида 83 тур қуш учратилди. Кўлларда учрайдиган оқкўз Табиатни Муҳофаза қилиш Халқаро Иттифоқи глобал ҳавф остидаги турлар рўйхатига киритилган. 8 та тур - кичик қорабузов, пушти сақоқуш, кичик оқ қарқара, қошиқбурун, қоравой, вишилдоқ оққуш, оқ думли сувбургут ва бургут - Ўзбекистон Қизил Китобига киритилган. Бу турларнинг кўпчилиги шу ерда уялайди. Кўлларда кузги ва баҳорги учиб ўтиш даврида 25-35 мингача ёввойи ўрдак, олмабош ва қизилбош ўрдаклар тўпланади.

Машанкўл ва Хўжакўл кўллари худуди биохилма-хиллигига таъсир кўрсатаётган асосий ҳавф аниқланди. Аниқландики, ушбу кўллар тизимига қурғоқчилик асосий таъсир кўрсатар экан. Қурғоқчилик йиллари (2000-2001 й., 2007-2008 й.) кўллар бутунлай қуриб қолган. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Машанкўл ва Хўжакўл анчагина антропоген таъсирга учраган. Қирғоқ худудлар яйлов сифатида фойдаланилиб, нафақат балиқлар кўпайиши учунгина таъсир кўрсатмай, балки қушлар уялаши учун ҳам зарар етказади. Ноқонуний ов худудларга жиддий зарар етказади, маҳаллий балиқчилар фойдаланаётган тақиқланган пластик тўрлар эса шўнғувчи сув қушларининг ўлимига сабаб бўлади ва сув ҳавзасининг ифлосланишига олиб келади.

Тадқиқотлар натижасида Жамият томонидан худуднинг биохилма-хиллигини сақлаш бўйича қатор тавсиялар тайёрланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига тадқиқот ўтказилган худудда муҳофаза қилинадиган худуднинг чегаралари кўрсатилган орнитологик буюртмахонаси ташкил этиш бўйича асоснома топширилди.

2012-2013 йиллардаги куз-баҳор-ёзги комплекс тадқиқотлар натижасида Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш Жамияти томонидан Машанкўл ва Хўжакўллар тизимини Халқаро критерийларига мос равишда IBA тармоғига киритишга маълумотлар тайёрлаб қўйди.

IBA критерийлари таърифланган саноқ варағи 2015 йилнинг октябр ойида тузилди ва Биохилма-хилликнинг Халқаро Маълумотлар Базаси (WBDB) га киритилди.

Мана узоқ кутилган янгилик - 2016 йилнинг 9 июнида Кембридждаги BirdLife International секретариати "Машанкўл ва Хўжакул кўллар тизими"нинг Халқаро Муҳим орнитологик кўллар рўйҳати - IBA га киритилганлигини эълон қилди! Ўзбекистонда бу 52-IBA! Бу ишда иштирок этган барчани табриклаб миннатдорчилик билдирамиз!

Supported by: BirdLife International NABU

Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манбага ҳавола қилиниши шарт.
Сайт маълумотларини Олег Кашкаров тайёрлади.
  Вебмастер Эрнест Хуршут: uznix@narod.ru | Ўзбекистон балиқлари
Янгиланган: 04.04.2021