www.uzspb.uz  
 
Russian

Ўзбекистонда IWC 2016 нинг натижалари

2016 йилнинг 9-10 январида Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш Жамияти ўз аъзолари ва ҳамфикрлари билан биргаликда сув-ботқоқ қушларининг тўққизинчи марта Халқаро 50-юбилейидаги саноғида (IWC) иштирок этдилар. 1967 йилда IWC дастури ғарбий Палеарктиканинг бир неча давлатида бошланди. Охирги ярим аср мобайнида бу дастур кенгайиб дунё бўйича 100 дан ортиқ асосан қушлар учиб ўтиш йўлларидаги Афро-Евроосиё мамлакатларини ўз ичига олиб IWC Ер куррасидаги биохилма-хилликнинг энг катта мониторинг дастурига айланди. Барча иштирокчи мамлакатлар саноқчилари ва миллий координаторлар охирги йиллардаги IWC ютуқлари билан фахрланишлари мумкин: минглаб қушлар бўйича ЕС нинг Директивасига мувофиқ аниқланган қўриқланадиган худуларни ҳисобга олмаганда ҳам, беш миллиондан ортиқ сув-ботқоқ худудлари (майдони жиҳатидан Европа уюшмаси ёки Африканинг 1/6 қисми) халқаро аҳамиятга эга деб аниқланди; бир миллион сув-ботқоқ худудлари Рамсар конвенциясига киритилди.

IWC маълумотлари баъзи популяциялар сонининг камайганлигини ҳам аниқлашга ёрдам берди ва вақтида қарор қабул қилиб уни сақлаб қолишга қаратилаган чоралар кўрилди. Шундай қилиб, IWC сув қушлари ва сув-ботқоқ худудларининг сақлаб қолинишида муҳим қуроллардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш Жамияти, унинг филиаллари ва талабалар орнитологик клублари 2005 йилдан бери республикамизнинг турли вилоятларидаги сув ҳавзалари ва сув омборларида Халқаро сув-ботқоқ қушларининг қишки саноғида иштирок этиб келмоқдалар. Жорий йили ҳам Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш Жамияти Ўзбекистонда Халқаро сув-ботқоқ худудлари саноғининг 50-юбилей санасининг ўтказишдаги қўшган катта хиссаси учун миннатдорчилик ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

2016 йилда фаол ахборот-ташвиқот ишларининг олиб борилиши натижасида Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш Жамияти саноққа кўпроқ иштирокчиларни жалб этишга ва 6 та - Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган ва Навоий вилоятларида саноқ ўтказишга эришди. 5 таси Муҳим орнитологик худуд (IBA) ҳисобланган 10 та сув ҳавзада 53 турга мансуб 106 603 та сув-ботқоқ қушлари саналди. Саноқда 57 киши иштирок этди ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Тошкент вилоятида Халқаро сув-ботқоқ қушларининг саноғи Туябўғиз сув омборида бошланди. 10 январ куни саноқда Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш Жамияти, "Phasianus" талабалар орнитологик клуби, Давлат табиат муҳофазаси қўмитаси, кўнгиллилар ва ОАВ вакиллари - умумий 25 киши иштирок этдилар. Анъанага биноан саноқдан олдин Жамият ходимлари IWC дастурининг мақсади, табиат муҳофазасидаги аҳамияти ҳақида гапириб бердилар. Ундан ташқари янги иштирокчиларга йўл-йўриқ кўрсатиб ОАВ вакилларига интервью бердилар.

Шу куни саноқчилар томонидан 26 турга мансуб 10 634 та сув-ботқоқ қушлари қайд этилди. Улар ичида ҳар йилгидек ёввойи ўрдак (5 885) ва қизилбош (2 582) кўпчилигини ташкил этди. Катта қорабузов ҳам (1 274) етарлича кўп миқдорда учради. Энг қизиғи олдинги қишлашда учрамаган анғирт ўрдагининг 12 таси қайд этилди. Ўтган йилгига нисбатан қишловчи қушлар тур таркиби унча ўзгармаган, уларнинг сони эса ушбу ҳавзаларга хос кўп йиллик кузатувларнинг ўртача сонини ташкил этган. Сувда ва сув омбори соҳилларда озиқланаётган қушлар овчилар ва балиқчилар томонидан кўп марталаб безовта бўлдилар.

Шу куни Янгийўл балиқчилик хўжалигининг ҳовузларида Birds.uz командаси бедвочерлари саноқ ўтказдилар. Бу ерда сувда сузувчи ва сув олди қушларининг 15 тури учратилди. Уларнинг бу ердаги сони унчалик кўп эмас - 400 га яқин, чунки унча катта бўлмаган сув ҳавзаларида овчилик жадал бормоқда эди.

UzSPB аъзоларидан А. Атаходжев ва В. Сударев кўнгиллилар билан 2016 йилнинг 30 январида Бўка туманидаги катта бўлмаган Сассиқкўл кўлида саноқ ўтказдилар. Бу ерда 9 турдан иборат 311 та қуш кузатилди. 31 январда эса улар Пскен балиқчилик хўжалигида ҳам саноқ ўтказиб 9 турга мансуб 290 та қушни қайд этдилар.

Тошкент вилояти табиат муҳофазаси қўмитаси раҳбариятининг ташаббусини алоҳида эслатиб ўтишимиз керак. 15 январдан 22 январгача Вилоят қўмитаси нозирлари Чиноз балиқчилик хўжалиги худудида ва Чирчиқ дарёсида кузатувлар ўтказиб кичик қорабузов ва катта оқ қарқараларни қайд этдилар.

2016 йилнинг 10 январ куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон сув омборида сув-ботқоқ қушларининг қишки саноғини "Flamingo" клубининг раҳбари ва маслаҳатчиси Л.Э. Белялова ва С.Э. Фундукчиев бошчилигида клуб аъзолари Д. Расулов ва Г. Абдураззоқова ва СамДУнинг ўқитувчиси Б. Мухамадиевлар ўтказдилар. Илиқ шамолсиз об-ҳавода қушларни қирғоқ бўйлаб ўтиргани кузатилди Улар ичида энг кўп сонлиги қашқалдоқ (600), чуррак (100) ва кўл балиқчиси (96) бўлди. Кузатиш мобайнида 31 турдан иборат 1054 та сув-ботқоқ қушлари қайд этилди.

2016 йилнинг 31 январида "Flamingo" талабалар клуби аъзолари А. Султонов, М. Бузруков, О. Ибрагимов ва И. Шермаматовлар тажрибали орнитологлар Л.Э. Белялова ва С.Э. Фундукчиевлар раҳбарлигида Қашқадарё вилоятининг Чимқўрғон сув омборига қишки саноққа отландилар. Янги ёққан қор ва сув омборининг қирғоқ қисмларини сув босганлиги сабабли саноқчилар акваториянинг фақат бир қисмидагина саноқ ўтказдилар. Саноқ ўтказишга булутли кун ва шамол қийинчилик туғдирди. Сувда ҳам қушлар кам эди, улар алоҳида ва кичик 5 тадан 20 тагача галалар ҳосил қилиб ўтирардилар. Кўк ғоз галалари кузатилди, сон жиҳатдан кўпчилигини чурраклар ҳосил қилди. Кузатиш мобайнида ҳаммаси бўлиб 9 турдан иборат 1244 та қуш қайд этилди.

Бухоро ва Навоий вилоятлари чеграсида жойлашган Тўдакўл ва Қуюмозор сув омборларида 2016 йилнинг 31 январида "Иволга" талабалар орнитологик клуби аъзолари Ш. Хасанов ва Ж. Бойхоновлар М. Тўраев ва Р. Рахмоновалар каби тажрибали устозлари раҳбарлигида саноқ ўтказдилар. Об-ҳавонинг қулайлиги ёрдамида саноқчилар 30 турдан иборат 59 963 та сув-ботқоқ қушларини кузатишга муваффақ бўлдилар! Улар ичида энг кўп сонлилари ёввойи ўрдак (25 201), чуррак (13 150), қашқалдоқ (7 600) ва суқсур (6 000) бўлди.

2016 йилнинг 6-7 февралида Қашқадарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган Талимаржон сув омборида "Иволга" клуби раҳбари М. Тўраев ва экология кафедраси талабалси Ж. Бойхонов саноқ ўтказиб, кузатув давомида 24 турга мансуб 29 393 та сув-ботқоқ қушлари қайд этилди. Улар ёввойи ўрдак (14 000), қашқалдоқ (5 600), чуррак (5 000) ва суқсур (1500).

2016 йилнинг 10 январ куни Халқаро сув-ботқоқ қушларининг қишки саноқ кунига Наманган Давлат университетида бир йил олдин ташкил этилган энг ёш клуб - "Eco-birds" ҳам қўшилди. Клуб раҳбари доцент Икромов ва вилоят овчилар ва балиқчилар Жамияти вакиллари билан биргаликда талабалар биринчи марта Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган Резаксой сув омборида сув-олди қушларининг саноғида қатнашдилар. Қуюқ туман бўлишига қарамай улар 1 807 та 19 турга мансуб турни учратдилар. Улар ичида энг кўплари ёввойи ўрдак (1000), лойхўрак (127), хитой ўрдаги (115) ва қизилбош (104).

Шундай қилиб, IWC-2016 саноғи шуни кўрсатдики, барча манфаатдор тарафлар - давлат ва жамоат ташкилотлари кучларини бирлаштириб ишончли табиат муҳофазаси маълумотларини олиш мумкин. Алоҳида эътибор бериш керакки, 2016 йилги сув-ботқоқ қушларининг қишки саноқ куни нафақат бизда, бали қўшни давлатларда - Қозоқистон, Туркманистон ва Қирғизистон, ҳамда, Доғистон ва Азарбайжонда ҳам фаол ўтди.

Бундай фаол харакатларга сабаб 2015 йилнинг августида Шимолий Евроосиёнинг XIV Халқаро орнитологик конференциясида Ўзбекистон қушларини муҳофаза қилиш Жамияти Марказий Осиё кучларини бирлаштириш ташаббуси билан чиқди ва шунинг натижасидир.

2016 йилнинг 14 март куни Ўзбекистонда ўтказилган қишки саноқ натижалари махсус электрон шаклга киритилди ва Wetlands International дастурининг техник координатори Том Лангердонга юборилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги қишки саноқ натижалари IWC нинг халқаро маълумотлар базасига киритилди ва уни on-line режимида кўриш мумкин.

Қушларни муҳофаза қилиш Жамияти IWC-2016 Халқаро сув-ботқоқ қушлари саноғининг 50-юбилей санасида тиришқоқлик билан иштирок этиб кўпгина сув ҳавзаларида кузатишлар олиб мамлакатимизда ушбу экосанани кенг кўламда олиб борилишига сабабчи бўлган барчага миннатдорчилик билдиради!

Supported by: BirdLife International NABU

Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манбага ҳавола қилиниши шарт.
Сайт маълумотларини Олег Кашкаров тайёрлади.
  Вебмастер Эрнест Хуршут: uznix@narod.ru | Ўзбекистон балиқлари
Янгиланган: 04.04.2021