www.uzspb.uz  
 
Russian

Ўзбекистонда Халқаро мигрант Қушлар куни (WMBD-2016) нинг нишонланиши

2016 йилнинг 23 апрелидан 12 майигача Ўзбекистоннинг учта вилоятида Халқаро мигрант қушлар куни (WMBD) нишонланди. Ушбу йилда байрамга 85 та давлат қўшилди. Учиб ўтувчи қушлар муаммоларига кенг оммани жалб этиш мақсадида қушлар фестивали, улар ҳақида маълумот берувчи тадбирлар ва қушларни кузатиш экскурсиялари олиб борилди. Умумий қилиб олинганда бутун дунё бўйича 310 та турли тадбирлар бўлиб ўтди.

Ҳар йили Халқаро мигрант қушларга оид мавзу танланади ва асосий урғу маълум бир муаммога берилади: 2016-йилдаги экологик сананинг мавзуси "Учиб ўтувчи қушларни ноқонуний отиш, тутиш ва савдо қилишни тўхтатамиз" - шиори остида бўлиб ўтди!

Хар йили икки марта яъни баҳор ва кузда миллиардлаб қушлар Ер юзида уялаш жойларидан қишлаш жойларига ва аксинча учиб ўтадилар. Бу узоқ ва хавфли йўл баъзида ўн минглаб километрни ташкил этади. Учиб ўтувчи қушлар озуқа етишмаслиги, йиртчиқларнинг ҳужуми, оғир иқлим шароитларга чидашлари, денгизлар, тоғ тизмалари ва сувсиз чўлларни кечиб ўтишлари, баъзида йўқолган маконларининг ўрнини босувчи жойларни топишлари лозим.

Инсон фаолияти билвосита ёки бевосита бу ҳудудларга зиён етказади. Яшаш учун муҳим худудлар йўқолади, жумладан шу ерлардан фойдаланувчи турлар ҳам. Маконларнинг йўқ бўлиши билан бирга, қушларни овлаш ва тутиш ҳам зарар етказди. Кўпчиллик мамлакатларда учиб ўтувчи қушлар қадимдан оқсил манбаи бўлиб хизмат қилган, аммо охирги пайтларда овчиларнинг янги авлоди, масалан, Европа ва Яқин Шарқда, аждодларининг ахлоқий қарашларини четлаб ўтиб, ов жараёни қушларни қиришга айланди. Шу вақтнинг ўзида эса баъзи бир Африка ва Осиё мамлакатларида қушларни эрмак учун эмас овқат учун овлашади.

BirdLife International маълумотига кўра Ўртаер денгизи мамлакатларида 25 миллионга яқин қушлар ноқонуний овланади. "Қора рейтинг" нинг биринчи ўрнида Миср туради (5,7 миллион тур). Мисрдан озгина фарқ билан - Италия туради (5,6 миллион тур) - дунёда иккинчи ва Европада биринчи ўринда. Учунчи ўринда Сурия: йиллига 3,9 миллион. Бунда асосий йўқотишлар кулранг ва қорабош мойқут, дала тўрғайларига тўғри келади. Милтиқ, тузоқ, ёпишқоқ тахтачалар, тўрсимон тузоқлар - қушлар овида қўлланилади. BirdLife International мутахассислари ҳисобига кўра энг кўп Евро-Африка регионида қуйидаги қушлар турлари овланади: қизилтўш (2,9 миллион дона), қорабош мойқут (1,8 миллион), бедана (1,6 миллион) ва сайроқи шақ-шақ (1,2 миллион). Шу сабабдан одамларга учиб ўтувчи қушлар ва уларга учиб ўтиш даврида етадиган зиён ҳақида хабардор қилиш катта аҳамиятга эгадир.

Бу йили байрам Ўзбекистонда Spring Alive дастури доирасида ўтказилди. Тошкент вилоятидаги Дальварзин овчилик хўжалигида ушбу экологик санани 23-24-апрелда "Phasianus" талабалар клуби аъзолари хар йилги баҳорги қирғовулларни саноғини ўтказиш вақтида нишонладилар. Талабалардан ташқари Мигрант қушлар куни иштирокчилари сифатида Далварзин овчилик хўжалиги ходимлари, Билогия-тупроқшунослик факультети ўқитувчилари ва Қушларни муҳофаза қилиш Жамияти ходимлари ҳам қатнашдилар. Жамият ходимлари экологик сананинг тарихи ва унинг бу йилги мавзуси ҳақида маълумот бердилар. "Phasianus" талабалар клуби аъзолари Spring Alive дастури ва унинг бешта тури: қора узунқанот, қишлоқ қалдирғочи, оқ лайлак, тилларанг куркунак ва какку ҳақида маърузалар билан чиқдилар. Айниқса А.А. Атаходжаевнинг ёввойи қушларнинг тутқунликда сақлашнинг миллий анъаналари ҳақидаги маърузаси катта қизиқиш уйғотди. Байрамнинг расмий қисми тугагач, барча иштирокчилар иккига - "Қалдирғочлар" ва "Бойқушлар" гуруҳига бўлиндилар ва Халқаро мигрант қушлар кунига бағишланган турли ўйинларда: кроссвордлар ечиш, пазллар тахлаш кабиларда иштирок этдилар. Кечга яқин барча иштирокчилар эко-сўқмоқ бўйича сайрга жўнадилар.

Халқаро мигрант қушлар куни айниқса Самарқанд вилоятида кенг нишонланди. 4-майда бу экологик сана Самарқанд Давлат Университетининг Табиий фанлар факультети география бўлимида нишонланди. "Flamingo" клубининг 18 та географ-талабалари Л.Э.Белялова рахбарлигида Зарафшон қўриқхонасига экскурсияга йўл олишди. Экскурсия давомида талабалар Халқаро мигрант қушлар куни ҳақида маълумотга эга бўлдилар ва уларга вазифалар берилди: қўриқхона ҳудудида учраши мумкин бўлган мигрант қушлар ҳақида маъруза тайёрлаш. 5-май куни эса Л.Э.Белялова математика, тарихчи ва биолог талабалар иштирокида Халқаро мигрант қушлар куни мавзусидаги семинар ўтказди.

6-май куни Халқаро мигрант қушлар куни СамДУ нинг филология факультетида нишонланди. Талабалар Халқаро мигрант қушлар куни ҳақида маъруза тингладилар, сўнгра уларга олдиндан тайёрлаб қўйилган фотосуратлардаги мигрант қушларни аниқлаш бўйича конкурс ташкил этилди. Энг яхши фотосурат соҳиби эсдалик совғаларига эга бўлдилар.

"Flamingo" клуби аъзолари Самарқанд вилоятининг Омонқўтон қишлоғининг умум-ўрта таълим мактабида Қушлар фестивалини ўтказдилар. Байрамда 2-9 синф ўқувчилари иштирок этдилар. Ҳар бир синф навбат билан чиқиб, ўйинларда иштирок этдилар, топишмоқлар топишди, шеърлар айтишди. Фаол иштирок этган ўқувчилар совринларга эга бўлдилар. Ўқувчилар конкурс учун Spring Alive қушлари расмларини тайёрладилар. Шунингдек "Flamingo" талабалар клуби аъзолари факультет декани М.Г.Носировнинг фаол иштироки ва кўмагида Ургут тумани Етти-уйли сой қишлоғига ташриф буюрдилар ва у ерда 1-босқич талабаларига ушбу экологик сана ҳақида гапириб бердилар.

12-май куни Бухоро вилоятида "Ivolga" клуби талалбалари клуб раҳбари доцент М.М.Тўраев билан бирга Бухоро балиқчилик хўжалигига ташриф буйюдилар, у ерда улар қушлар саноғи ўтказдилар ва маҳалий балиқчилар билан қушларнинг ноқонуний ови ва савдоси ҳақида суҳбат ўтқаздилар. Талабалар аввалдан "Мигрантлар ҳимояга муҳтож" мавзусига оид буклет, плакат ва мигрант қушлар фотосуратларини тайёрладилар ва балиқчиларга тарқатдилар. Якунида балиқчилар билан бирга қушлар саноғини биргаликда ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш Жамияти мамлакатимиздаги Халқаро мигрант қушларни нишонлашга ҳайрихохлик қилган барчага миннатдорчилик билдиради!

Supported by: BirdLife International NABU

Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манбага ҳавола қилиниши шарт.
Сайт маълумотларини Олег Кашкаров тайёрлади.
  Вебмастер Эрнест Хуршут: uznix@narod.ru | Ўзбекистон балиқлари
Янгиланган: 04.04.2021